Гендер масалалари бўйича 5-техник ишчи гуруҳи йиғилиши

Сув хўжалиги соҳасида гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича Техник гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди
2026-йил 12-июн куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида сув хўжалиги соҳасига гендер ёндашувларини жорий этиш масалаларига бағишланган Тараққиёт ҳамкорлари Техник гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизим ташкилотлари, Гендер консепсиясини амалга оширишда иштирок этувчи вазирлик ва идоралар, олий ва профессионал таълим муассасалари ҳамда халқаро тараққиёт ҳамкорлари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги вакили Зокир Ишпулатов очиб берди. Йиғилиш давомида иштирокчилар сув хўжалиги соҳасининг 2027-йилгача бўлган Гендер консепсияси ҳаракатлар режаси ижроси ҳолатини муҳокама қилдилар. ACTED ташкилоти вакили Фарзона Ҳашимова томонидан мазкур режанинг амалга оширилиши бўйича мониторинг натижалари тақдим этилди.
Муҳокамалар жараёнида давлат ташкилотлари ва тараққиёт ҳамкорлари томонидан Гендер консепсияси доирасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда мавжуд муаммолар кўриб чиқилди. Иштирокчилар гендер масалаларини сув хўжалиги соҳаси фаолиятига янада самарали интеграция қилиш бўйича фикр ва таклифларини билдирдилар.
Йиғилишда алоҳида эътибор қаратилган масалалар:
ҳудудий даражада гендер тадбирларини мувофиқлаштириш;
ташаббусларнинг такрорланишининг олдини олиш;
мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда соҳадаги ҳамкорликни кучайтириш;
Марказий Осиё мамлакатларида гендер ва сув масалалари бўйича минтақавий тармоқлар фаолияти, уларнинг имкониятлари ҳамда келгусида ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар.
Тадбир якунида иштирокчилар сув хўжалиги соҳасида гендер тенглигини таъминлаш бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш, тажриба алмашишни кенгайтириш ва ҳаракатлар режасини самарали амалга ошириш юзасидан қатор тавсиялар ишлаб чиқдилар.
