Асосий контентга ўтиш

Сув энсиклопедияси

ТЕГИРМОН: СУВ КУЧИДАН ФОЙДАЛАНГАН ҚАДИМИЙ ТЕХНОЛОГИЯ

Сув тегирмони дўла, коса, шақилдоқ, тош, гупчак, паррак, ёғоч, хомма каби қисмлардан иборат.

ТЕГИРМОН: СУВ КУЧИДАН ФОЙДАЛАНГАН ҚАДИМИЙ ТЕХНОЛОГИЯ

Қадимда Ўрта Осиёда улов қўшиб ишлатиладиган тегирмон ва қўл тегирмонларидан ҳам кенг фойдаланилган. Сув ва шамол тегирмонлари ҳозир ҳам айрим жойларда сақланиб қолган. Ўзбекистон ҳудудида шамол тегирмони йўқ. Ҳудудда донни унга айлантириш учун сув тегирмонларидан кенг фойдаланилган.

Сув тегирмони қандай ишлаган?

Сув тегирмонида сув асосий ҳаракатлантирувчи куч вазифасини бажаради. Сув тегирмони дўла, коса, шақилдоқ, тош, гупчак, паррак, ёғоч, хомма каби қисмлардан иборат.

Новдан тушаётган сув парракка урилиб, тегирмон тошини ҳаракатга келтиради. Тегирмон тошга тегиб турадиган ёғоч эса косани тебратади. Дўладан тушаётган дон косанинг тебраниши натижасида тегирмонтош чуқурчасига тушади. Тош айланиб донни эзади, унга айлантириб, хоммага тўплайди. Хомма унга тўлганда тегирмончи тегирмонни тўхтатиб, унни бўшатиб олади.

Шу тариқа, сув тегирмонида сув оқимининг энергияси механик ҳаракатга айлантирилиб, инсон меҳнати енгиллаштирилган. Бугунги кунда ҳам айрим ҳудудларда анъанавий сув тегирмонларининг намуналари сақланиб қолган.

Манба: Ўзбекистон миллий энсиклопедияси.

Эълон қилинган: