Лойиҳа сув хўжалиги соҳасидаги давлат бошқарувини маҳаллий ва марказий даражаларда кучайтириш, мамлакатда сув хўжалигига оид маълумотларни бошқаришни такомиллаштириш, сув соҳасининг стратегик ва қонунчилик базасини ривожлантириш ҳамда сув билан боғлиқ табиий офатлар хавфини камайтиришга қаратилган.
Лойиҳа ҳудуди: Ўзбекистон.
Ташаббускор: Швейсария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC).
Амалга ошириш муддати: 2016–2018-йиллар.
Молиялаштириш: Швейсария Конфедерацияси ҳукуматининг грант маблағлари.
Лойиҳа қиймати: 2,66 миллион АҚШ доллари.
Ижрочилар: Швейсария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC), Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги.
Лойиҳанинг умумий мақсади — сув билан боғлиқ табиий офатлар хавфининг олдини олиш ва уларга тайёргарликни ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини комплекс, шаффоф ва эҳтиёжларга асосланган тарзда бошқаришни ривожлантириш.
Лойиҳа тўртта асосий компонентдан иборат:
1-компонент — Сув ресурсларини бошқариш стратегияси ва сув тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш.
2-компонент — Институционал салоҳиятни ошириш.
3-компонент — Сув ресурсларини бошқариш бўйича ахборот тизимини ривожлантириш.
4-компонент — Шоҳимардонсой ҳавзасида табиий офатлар хавфини камайтириш.
Лойиҳани амалга оширишнинг асосий йўналишлари:
- сув соҳаси учун қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
- Ахборот-таҳлил ва ресурс марказини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш;
- сув хўжалиги ташкилотларининг институционал салоҳиятини ошириш;
- фермер-дала мактабларини ташкил этиш орқали сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга кўмаклашиш;
- сув бошқарувининг барча даражаларида сув хўжалиги ташкилотлари самарадорлигини ошириш учун ахборот-коммуникация технологияларини (АКТ) жорий этишни қўллаб-қувватлаш;
- Шоҳимардонсой ҳавзасида табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.
Лойиҳа АКТни жорий этиш, сув хўжалиги ташкилотлари, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, туман ирригация бўлимлари, сувдан фойдаланувчилар ва фермерларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, маълумотларни йиғиш ва реал вақт режимида алмашиш имкониятларини ривожлантиришга асосланган.
Лойиҳа Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг Орол денгизи ҳавзасида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича агентлиги томонидан тегишли давлат ташкилотлари, жумладан, сув хўжалиги ва фавқулодда вазиятлар соҳасидаги ваколатли органлар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилган.