Асосий контентга ўтиш

Мувофиқлаштирув йиғилиши (16.03.2023)

16-март, 2023

Мувофиқлаштирув йиғилишлари
Мувофиқлаштирув йиғилиши (16.03.2023)

"Мамлакат платформаси"нинг "Сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария" тармоқлараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши

2023-йил 16-март куни Сув хўжалиги вазирлигида сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария тармоқлараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ, тармоқлараро ишчи гуруҳи аъзолари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Швейцария элчихонаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва бошқа донор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария тармоқлараро ишчи гуруҳининг 2023 йилдаги иш режаси ҳамда самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари муҳокама қилинди. 2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақида сўз юритилди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси мақсадлари билан боғлиқ ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашнинг асосий воситаларидан бири – халқаро донорлар ва ривожланиш бўйича шериклар билан ҳамкорликни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда мувофиқлаштирилган ҳамкорликни ташкил этишга қаратилган «Мамлакат платформаси» механизмидир.

«Мамлакат платформаси» Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан 2023 йилда котибият функциясини бажарувчи Жаҳон банки билан ҳамкорликда мувофиқлаштирилади.

Жорий йилнинг январь ойида ўтказилган «Мамлакат платформаси»нинг биринчи йиғилишида томонлар соҳа вазирликлари ва идоралари, шунингдек донорлар ва ривожланиш бўйича шериклардан ташкил топган 12 та ишчи гуруҳларини ташкил этиш масалаларини келишган эдилар. Шулардан бири сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария тармоқлараро ишчи гуруҳи ҳисобланади.

Йиғилишда “Ўзсувтаъминот” АЖ ва Сув хўжалиги вазирлигининг тақдимотлари уюштирилди. Ўзбекистон Республикаси сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга стратегияси тасдиқланган бўлиб, унда белгиланган вазифалар амалга оширилмоқда. Соҳа олдида 2024-2026 йилларга мўлжалланган стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси турибди.

– Ўзбекистонда ер ости, ер усти сувлари, ичимлик ва суғориш учун фойдаланиладиган сувлардан самарали фойдаланиш бўйича ҳаракатларни бирлаштириш мақсадга мувофиқ. Бу борада интеграциялашган сув ресурсларини бошқариш тажрибасини қўллаш фойда беради, – деди Швейцария элчихонасининг ҳамкорлик бўлими бошлиғи Рахель Бёш хоним.

Йиғилишда томонлар айнан шу масалалар юзасидан қарашларини билдириб, муҳокамаларда фаол қатнашдилар. Якунда сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария тармоқлараро ишчи гуруҳининг 2023 йилдаги иш режаси тасдиқланди.

Proceedings